«Челси» раҳбарияти Ламин Камаранинг трансфери сўнгги лаҳзада бекор қилинганидан қаттиқ ғазабда.
Аввалроқ «Монако» 22 ёшли ярим ҳимоячини Лондон клубига 55 миллион евро эвазига сотишга рози бўлган эди. Бироқ монегасклар трансфер ойнаси ёпилиши арафасида кутилмаганда ўз қарорини ўзгартирди ва футболчини қўйиб юбормади.
BBC маълумотига кўра, сешанба куни — ёзги трансфер ойнасининг сўнгги кунида — «Челси»да Энцо Фернандеснинг «Манчестер Сити»га ўтишини бекор қилиш учун ҳали вақт бор эди. Шунга қарамай, Лондон клуби аввал берган ваъдасида туришни маъқул кўрди ва аргентиналик футболчининг трансферига тўсқинлик қилмади.
«Челси»да эса Камара билан боғлиқ вазият мутлақо бошқача баҳоланмоқда. Клуб раҳбарияти фавқулодда вазиятда «Монако» вакилларининг нопрофессионал ҳаракатлари қурбони бўлганини ҳисобламоқда.
Шу тариқа, «Челси» бир кечанинг ўзида Энцо Фернандесни қўйиб юборди, аммо унинг ўрнига олиб келиниши режалаштирилган Камара трансферини якунлай олмади.













