Испания Қироллик футбол федерацияси президенти Рафаэль Лусан 2030 йилги жаҳон чемпионати финали Испанияда ўтказилиши керак, деб ҳисобламоқда.
У бу ҳақда Мадридда ўтказилган UEFA’нинг йиллик хавфсизлик конференциясида гапирди. Лусаннинг баёноти Марокаш томонининг ҳал қилувчи учрашувни ўз мамлакатида ўтказиш истаги фонида янгради.
«Биз 2030 йилги жаҳон чемпионатини тарихдаги энг яхши мундиалга айлантиришни хоҳлаймиз. Уни Португалия ва Марокаш билан биргаликда ўтказамиз. Испания бу вазифани муносиб бажаради ва бутун дунёга хавфсиз ҳамда унутилмас турнир тақдим этади», — деди у.
Лусан Испаниянинг қўшма аризадаги улушига ҳам алоҳида урғу берди.
«Учрашувларнинг асосий қисми бизда ўтказилади, аризадаги улушимизнинг 55 фоизи Испания ҳиссасига тўғри келади. Шунинг учун финал ҳам Испанияда ўтказилиши керак. Йирик футбол тадбирларини ўтказиш борасида биз хавфсизлик ва муваффақиятнинг тўлиқ кафолатимиз», — дея қўшимча қилди RFEF раҳбари.
У Испаниянинг йирик мусобақаларни ташкил этиш тажрибасига мисол сифатида Евро-2020 учрашувлари, Севилья ва Бильбаода ўтказилган Европа кубоклари финаллари ҳамда 2019 йилги Чемпионлар лигаси финалини келтирди.













