Жейдон Санчонинг «Палмейрас»га ўтиши ҳақида тарқалган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бразилия клуби футболчи билан келишувга эришилгани ҳақидаги маълумотларни расман рад этди.
Сешанба куни 26 ёшли эркин агент Санчо Сан-Паулу клуби билан шартнома имзолашга яқин экани ҳақида хабар тарқалди. Аммо «Палмейрас» кўп ўтмай бу маълумотни инкор қилди.
Бразилия ОАВ маълумотига кўра, клубга яқин манбалардан бири вазиятдан норозилигини билдирган.
«Қандайдир тасодифий одам тарқатган хабарни рад этиш учун клуб изоҳ беришга мажбур бўлаётгани — ақлга сиғмайдиган ҳолат», — деган манба.
Маълум бўлишича, фейк хабар испаниялик стример Spursito томонидан тарқатилган. У аввалдан фаол бўлмаган X аккаунтини қайта ишга тушириб, ўзини Marca журналисти Альфонсо Партидор сифатида кўрсатган.
Сохта шахс номи остида у ҳозирда клубсиз юрган Санчо Бразилияга йўл олиши ва шартнома имзолаши ҳақида хабар тарқатган.
Кейинчалик маълумот ёлғон экани фош бўлди. Шу тариқа, Санчо ҳозирча эркин агент мақомида қолмоқда ва янги клуб излашда давом этяпти.













