Тошкентдаги “Ҳумо арена”да футзал бўйича 2026 йилги Ўзбекистон Суперкубоги баҳси ўтказилди. Беллашув “СҚБ” ҳам “BMB” жамоалари ўртасида кечди. Қизиқарли ўтган ўйиннинг асосий вақтида 3:3 ҳисоби қайд этилди. Пенальтилар сериясида эса “СҚБ” 4:2 ҳисобида ғалаба қозониб, ўз тарихида илк бор Ўзбекистон Суперкубоги соҳибига айланди.
2-дақиқада “СҚБ” футзалчиси Давлат Ибрагимов ҳисобни очди. 27-дақиқага келиб, Тимур Салимов орадаги фарқни иккитага етказди. 31-дақиқада ҳимоячиларнинг хатосидан унумли фойдаланган Жан Алдемиро ҳисобни қисқартирди. 32-дақиқада Ҳебберт Оливейра Болт яна “СҚБ”нинг устунлигини мустаҳкамлади. 33-дақиқада Жан Алдемиро дубль қайд этган бўлса, 35-дақиқада “BMB” футзалчиси Витор мувозанатни тиклади.
Пенальтилар сериясида эса “СҚБ” дарвозабони Шавкат Ибрагимов ишончли ҳаракат қилиб, иккита зарбани бартараф этишга муваффақ бўлди. “СҚБ” футзалчилари эса аниқ ҳаракат қилиб, ғалабани илиб кетишди.
Мазкур беллашувга жаҳон футболининг машҳур афсоналари фахрий меҳмон сифатида таклиф этилган. Хусусан, бразилиялик дарвозабон Жулио Сезар, италиялик собиқ футболчилар Марко Матерацси ва Кристиан Заккардо, шунингдек, Жером Боатенг (Германия), Мигел Салгадо (Испания), Эстебан Камбиассо (Аргентина), Рикарду Куарежма (Португалия), Уэсли Снейдер (Нидерландия), Оскар (Бразилия), Кевин Куранйи (Германия) ва Винченцо Яквинта (Италия) Суперкубок учрашувини бевосита аренадан кузатиб борди ва тақдирлаш маросимида иштирок этди.
Ўзбекистон Суперкубоги
“BMB” — “СҚБ” 3:3
Пенатилар серияси — 2:4
Голлар: 0:1 — Давлат Ибрагимов (2), 0:2 — Тимур Салимов (27), 1:2 — Жан Алдемиро (31), 1:3 — Ҳебберт Оливейра Болт (32), 2:3 — Жан Алдемиро (33), 3:3 — Витор (35)













