"Бетис" бош мураббийи Мануэль Пеллегрини Ла Лиганинг 4-туридан ўрин олган "Реал"га қарши учрашувда Дани Себальос, Жовани Ло Чельсо ва Абде Эззалзули майдонга тушмаслигини тасдиқлади. Учрашув 4 сентябрь куни Севильядаги "Ла Картуха" стадионида бўлиб ўтади.
Себальос трансфер ойнасининг сўнгги кунларида "Бетис"га қайтди ва жамоа билан эндигина машғулотларни бошлади. Пеллегрини футболчи узоқ вақт расмий учрашувларда қатнашмагани сабаб ҳозирча майдонга тушишга тайёр эмаслигини айтди.
"Себальос эртага ўйнамайди. У машғулотларга энди қўшилди ва узоқ вақтдан бери ўйнамаган. "Мадрид"га қарши баҳсга тайёр эмас", деди чилилик мутахассис.
29 ёшли Себальос 2 сентябрь куни "Бетис" билан 2029 йилгача мўлжалланган шартнома имзолади. У клуб тарбияланувчиси бўлиб, 2017 йилда айнан "Бетис"дан "Реал"га ўтган эди. Мадридликлар билан футболчи 215 та ўйинда қатнашиб, 16 та соврин қўлга киритган.
Пеллегрини Ло Чельсо ва Абде ҳам "Реал"га қарши ўйнамаслигини маълум қилди. AS маълумотига кўра, Абде вирусли касаллик сабаб машғулотларни ўтказиб юбормоқда, Ло Чельсо эса оптимал жисмоний ҳолатга қайтиш учун яна вақтга муҳтож. Диего Конде ва Айтор Руибаль ҳам жароҳатдан тикланишда давом этмоқда.













