The Athletic журналисти Лори Уитвелл маълумотига кўра, "Манчестер Юнайтед" футболчилари ёзги трансфер ойнасида чап қанот ҳимоячисидан кўра яна бир марказий ҳужумчи олиш муҳимроқ деб ҳисоблаган.
Жамоа ярим ҳимоя чизиғини Андрей Сантос, Юри Тилеманс ва Карлос Балеба билан кучайтирганидан сўнг, Беньямин Шешко соф ўринбосарсиз қолган. Шу сабаб Матеус Кунья ва Бриан Мбеумо баъзи ҳолатларда ҳужум марказида ўйнашга мажбур бўлмоқда.
"Футболчилар бу позицияга қараб, Шешко билан навбатма-навбат ўйнай оладиган яна бир ҳужумчи кераклигини айтишган. Шунда Мбеумо ва Кунья ҳам ўзларига қулайроқ позицияларда ҳаракат қила оларди", — деди Уитвелл Talk of the Devils подкастида.
Унинг қўшимча қилишича, Люк Шоуга бўлган ишонч сабаб чап қанот ҳимоячиси трансфери клуб учун унчалик устувор вазифа бўлмаган. Бу эса мухлислар орасида маълум норозиликларга сабаб бўлган.
Жошуа Зиркзе Майкл Кэррик қўл остида ҳали ҳам четда қолмоқда. Унга Италиядан қизиқиш бўлган, шунингдек, "Эвертон" трансфер ойнаси ёпилиши арафасида таклиф юборган, аммо "Юнайтед" уни рад этган.
Собиқ мураббий Алан Пардью эса Маркус Рэшфордни ҳужум марказида муқобил вариант сифатида кўрмоқда. Унинг фикрича, Рэшфорд форвард сифатида ўйнаса, бир мавсумда 15–20 та гол уриш салоҳиятига эга.













