Ўзбекистон Суперлигасининг 20-турида "Навбаҳор" ўз майдонида "Локомотив" билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Учрашув статистикаси наманганликларнинг бир қатор асосий кўрсаткичларда устунлик қилганини кўрсатади.
xG бўйича "Навбаҳор" рақибидан қарийб уч баробар юқори натижа қайд этди — 1,63 га 0,55. Мезбонлар рақиб дарвозаси томон 16 марта зарба йўллади, "Локомотив" эса 7 та зарба билан жавоб қайтарди.
Бироқ аниқ зарбаларда вазият бошқача: "Навбаҳор"нинг 16 зарбасидан фақат 2 таси дарвоза соҳасига борган. "Локомотив" эса 7 та уринишдан 3 тасини аниқ амалга оширди.
Тўп назоратида катта фарқ кузатилмади — 51 фоизга 49 фоиз. Паслар аниқлиги "Навбаҳор"да 73, "Локомотив"да 70 фоизни ташкил қилди.
Вазият яратиш борасида эса мезбонларнинг устунлиги яққол: калит паслар 13:3, бурчак зарбалари 7:4.
Шунга қарамай, "Навбаҳор" устунлигини ғалабага айлантира олмади. Ҳусайн Норчаевнинг биринчи бўлимдаги голига "Локомотив" 72-дақиқада Жасур Яхшибоев орқали жавоб қайтарди — 1:1.













