«Барселона» ҳужумчиси Ҳамза Абдулкаримнинг отаси Муҳаммад ўғлининг Каталония клуби асосий жамоасидаги дебюти ҳақида фикр билдирди.
Ўтган душанба куни мисрлик футболчи «Райо Вальекано»га қарши Ла Лига учрашувида захирадан майдонга тушиб, «Барселона» сафида илк расмий ўйинини ўтказган эди. Баҳс каталонияликларнинг 5:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
«Сўнгги вақтларда Ҳамза жуда катта иш қилди ва мураббийлар штаби олдида ўзини кўрсата олди. Шунинг учун унинг асосий жамоада ўйнаш имкониятига эга бўлиши биз учун кутилмаган ҳолат эмасди.
Ханси Флик — ажойиб мураббий. Унинг Ҳамзага билдирган ишончи ва берган имконияти ўғлимнинг фаолияти учун жуда муҳим. Умид қиламизки, бу янги имкониятларнинг бошланиши бўлади», — деди Абделькаримнинг отаси.
У футболчининг характери ҳақида ҳам гапирди.
«Хамза жуда хотиржам инсон ва ўзи ҳақида кўп гапиришни ёқтирмайди. У майдон ва машғулотларга эътибор қаратиб, ўйини ўзи учун гапиришини афзал кўради.
Мен унга доим айтаман: биринчи жамоага чиқиш — орзунинг охири эмас, балки янада кўпроқ меҳнат, диққат ва сабр талаб қиладиган мураккаб босқичнинг бошланиши.
Умид қиламанки, «Райо Вальекано»га қарши учрашув фақат бошланиши бўлади. Хамза ривожланишда давом этиб, янги имкониятларга эга бўлади, «Барселона»да узоқ тарих ёзади ва Миср номини муносиб тарзда танитади», — деди у.
Абделькарим бунга қадар ватанида «Ал-Аҳли» сафида тўп тепган. Унинг трансфери «Барселона»га 1,5 миллион еврога тушган.













