"Андижон" бош мураббийи Ислом Аҳмедов Суперлиганинг 20-турида "Пахтакор"дан учралган 0:3 ҳисобидаги мағлубиятдан сўнг матбуот анжуманида иштирок этди.
Мутахассис аввало Тошкентга жамоани қўллаб-қувватлаш учун келган мухлислардан узр сўради.
"Мағлубият учун Андижондан ташриф буюрган мухлисларимиздан узр сўраймиз. Ўйин учун ўзига хос режа тайёрлагандик. Биринчи бўлимда ҳисобни ушлаб туриб, иккинчи таймда янги кучларни майдонга туширишни режалаштиргандик. 20-дақиқагача яхши ўйнадик, аммо бурчак тўпидан гол ўтказиб юборганимиздан кейин режамиз бузилди. Орадан кўп ўтмай иккинчи голни ҳам ўтказиб юбордик ва футболчилар мувозанатни йўқотишди. Иккинчи бўлимдаги қизил карточка эса режамизни бутунлай ўзгартириб юборди", — деди Аҳмедов.
"Андижон" устози 0:2 ҳисобидан кейин жамоа нега катта таваккалчилик билан ҳужумга ўтганига ҳам тўхталди.
"Биз аллақачон 0:2 ҳисобида ортда қолаётгандик. Шунинг учун олдинга ўтмасликнинг иложи йўқ эди. Ҳисобни тенглаштириш учун таваккал қилдик. 2:0 ёки 3:0 ҳисобида ютқазиш — барибир мағлубият. Шу сабаб охиригача курашиб, ҳисобни қисқартиришга ҳаракат қилдик", — дея қўшимча қилди мураббий.
Аҳмедов дарвозабон Артём Потаповнинг асосий таркибда майдонга туширилишига ҳам изоҳ берди. Унинг айтишича, Потапов сўнгги учрашувларда ишончли ҳаракат қилгани ва дарвозаси дахлсизлигини сақлаб келгани учун унга яна имконият берилган.
Шунингдек, мураббий Драган Черан билан ўртасида келишмовчилик борлиги ҳақидаги гапларни рад этди.
"Орамизда ҳеч қандай муаммо йўқ. Драган билан яқин муносабатдамиз. Сўнгги ўйинларда уни иккинчи таймда майдонга туширяпмиз ва у ўйинни кучайтириб беряпти. Бу ҳақда доим гаплашамиз. Ҳатто унинг ўзи ҳам рақиб чарчаганидан кейин майдонга тушиб, жамоага ёрдам беришни таклиф қилади. Бу унинг ўз ташаббуси", — деди Ислом Аҳмедов.
"Пахтакор" — "Андижон" учрашуви 3:0 ҳисобида якунланганди. Меҳмонлар иккинчи бўлимда Потаповнинг четлатилишидан кейин баҳсни бир киши кам бўлиб давом эттирди.













