“Пахтакор” бош мураббийи Камолиддин Тожиев Ўзбекистон Суперлигасининг 19-туридан ўрин олган “Андижон”га қарши учрашувдан сўнг матбуот анжуманида иштирок этиб, жамоа ҳимоячиси Муҳаммадрасул Абдумажидовнинг Франциянинг “Брест” клубига ўтаётганини расман маълум қилди.
Мураббийнинг таъкидлашича, ушбу трансфер бўйича барча ҳужжатлар расмийлаштириб бўлинган.
“Абдумажидов 1-январдан эътиборан 'Брест' аъзосига айланади, шартнома имзоланган. Шунчаки, Муҳаммадрасулнинг ўзи ҳозирча жамоада қолиб, бизга ёрдам беришни истади. Агар улар таклиф хатини эртароқ юборишганида, балки уни ўшанда Францияга кузатиб қўйган бўлардик. Эсласангиз, ўтган йили ҳам Муҳаммадали Ўринбоевни Белгия жамоасига бергандик”, деди мутахассис.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Брест” ҳимоячини кейинчалик тўлиқ сотиб олиш ҳуқуқи билан бир йиллик ижарага сўрагани ҳақида хабар берилган эди. Бироқ ўшанда “Пахтакор” раҳбарияти ҳамда мураббийлар штаби бунга қаршилик кўрсатган ва таклифни рад этган.
Эндиликда қишда амалга ошиши кутилаётган ушбу келишув Ўзбекистон чемпионатидан тўғридан-тўғри Европанинг кучли бешлик (топ-5) лигаларига амалга оширилган илк тарихий трансфер сифатида қайд этилиши мумкин.
Муҳаммадрасул Абдумажидов “Пахтакор” академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. У 2023-йилдан буён “шерлар”нинг асосий жамоасида тўп суриб келмоқда. Унинг “Пахтакор” билан амалдаги шартномаси 2027-йилнинг охирига қадар мўлжалланган. Трансфермаркт портали иқтидорли ҳимоячининг бозор қийматини ҳозирда 600 минг еврога баҳоламоқда.













