«Милан» ва «Интер»нинг янги умумий стадион қуриш лойиҳаси яна кечикиш хавфи остида қолди.
Football Italia хабарига кўра, Милан шаҳрида яшовчи фуқаролардан бири «Сан-Сиро» стадиони атрофидаги ер майдонининг клубларга берилиши қонунийлигига эътироз билдириб, шаҳар маъмуриятини судга берган.
Манба маълумотига кўра, даъво ер майдонининг «Милан» ва «Интер»нинг Stadio San Siro SpA қўшма компаниясига топширилиши билан боғлиқ. Ушбу битим 2025 йил 5 ноябрь куни расман якунланган.
Даъвогарнинг таъкидлашича, муниципалитет жараённи атайлаб тезлаштирган ва стадионнинг 70 йиллигига атиги беш кун қолганида ерни клубларга топширган. Чунки шу санадан кейин «Сан-Сиро» автоматик равишда маданий меросни муҳофаза қилиш мақомига эга бўлиши ва уни сотиш ёки бузиш тақиқланиши керак эди.
«Милан» ва «Интер» янги умумий стадион қурилишини ниҳоят тезлаштиришга умид қилганди. Бироқ янги суд можароси жараённинг чўзилишига ва қурилиш ишлари бошланишининг яна ортга сурилишига сабаб бўлиши мумкин.













