"Депортиво" бош мураббийи Антонио Идальго жамоа ҳужумчиси Пьер-Эмерик Обамеянгнинг мавсум бошидаги ўйинини юқори баҳолади.
Габонлик футболчи 2026/27 йилги мавсумнинг дастлабки 4 та учрашувида 4 та гол урди ва 2 та голли узатма қайд этди.
"Обамеянг қилаётган ишлар мутлақо ақл бовар қилмас даражада. У бирорта машғулотни қолдирмайди ва ҳаммадан кўпроқ меҳнат қилади. Унинг ўзига хос иқтидори бор. Биз лигада янги жамоамиз ва бу мавсум узоқ давом этади", — дея Идальгонинг сўзларини ESPN келтирди.
37 ёшу 79 кунлик Обамеянг 2000 йилдан буён Ла Лигада бир клуб сафида мавсумнинг дастлабки 4 та ўйинининг ҳар бирида голли ҳаракат қайд этган энг ёши катта футболчига айланди.
Шунингдек, у "Реал" ярим ҳимоячиси Жуд Беллингемдан кейин Испания чемпионати мавсумининг дастлабки 4 та ўйинида ҳам гол урган илк футболчи бўлди. Беллингем бу натижани 2023/24 йилги мавсумда қайд этган эди.
"Депортиво" 4 турдан сўнг 8 очко жамғариб, Ла Лига турнир жадвалида 5-ўринни эгаллаб турибди.













