«Реал» дарвозабони Тибо Куртуа Чемпионлар лигасида «Интер»га қарши ўйин якунлари ҳақида фикр билдирди. Мадридликлар Италия клубини 2:1 ҳисобида мағлуб этди.
«Биз жуда кучли рақибга қарши ўйнадик. «Интер» — Европанинг энг яхши жамоаларидан бири. Бу ўйин бемалол 4:4 ҳисобида ҳам тугаши мумкин эди.
Биз уларнинг хатоларидан фойдаландик, улар эса фақат ўйин охирига яқин гол ура олди. Аслида, учрашув тақдирини анча олдин ҳал қилишимиз мумкин эди», — дея Куртуанинг сўзларини Marca келтиради.
Ҳимоядаги муаммолар ҳақида гапирар экан, бельгиялик дарвозабон қуйидагиларни айтди:
«Менимча, айниқса ярим ҳимоячиларимиз қийналди. Ҳужумни давом эттириш учун аниқ имконият йўқлигини ҳис қилган пайтларда, эҳтимол, тўпни ортга қайтариб, ўйин назоратини яна қўлга олиш керак эди.
Учрашув жуда тартибсиз кечди ва бу биз ишлашимиз керак бўлган жиҳатлардан бири».













