«Реал» бош мураббийи Жозе Моуринью «Интер» устидан 2:1 ҳисобида қозонилган ғалабадан кейинги матбуот анжуманида Винисиус Жуниор ҳақида фикр билдирди.
Мураббийдан мухлисларнинг Винисиусни ҳуштакбозлик билан қарши олгани ҳурматсизлик экан-эмаслиги сўралди.
«Мен мухлисларни танқид қилмайман, мураббий сифатида ўз фикримни айтяпман. Винисиус менинг ҳурматимга лойиқ. Ҳозир у энг яхши формасида эмас ва буни биринчи навбатда унинг ўзи билади.
У ўйинлар тақдирини ҳал қиладиган аввалги Винисиусга айланиш учун ишлаяпти. Ҳозир энг юқори формасида бўлмагани учун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ меҳнат қилмоқда. Биз ҳали «Реал»га ўйинлар ютиб берадиган Винисиусни кўрамиз», — деди Моуринью.
Португалиялик мутахассис футболчини қўллаб-қувватлашда давом этишини ҳам таъкидлади.
«Агар у жамоа учун ишласа, мен уни доим қўллаб-қувватлайман. Бу у ҳар доим асосий таркибда тушади ёки 90 дақиқа майдонда қолади дегани эмас. Аммо жамоа манфаати учун ўйнаса, у доим менинг ҳурматим ва меҳримга сазовор бўлади.
Бугун унга учта марказий ҳимоячи ва латераллар билан ўйнайдиган рақибга қарши ҳаракат қилиш қийин бўлди. Винисиус энг яхши формасида бўлса, ўйинлар тақдирини ҳал қилади. Мен буни «Бенфика»ни бошқарган пайтимда ҳам кўрганман — у биргина қарши ҳужум билан ўйин натижасини ҳал қилган эди», — деди Моуринью.
«Реал» энди Испания чемпионати доирасида «Райо Вальекано»га қарши учрашувга тайёргарлик кўради.













