Халқаро бокс статистикаси ва рейтингларини юритувчи нуфузли BoxRec платформаси ҳаваскор боксчиларнинг вазн тоифасидан қатъи назар энг кучли спортчилари (P4P) рейтингини янгилади. Унга кўра, ўзбекистонлик боксчи Абдумалик Халоков 1-ўринни эгаллаб турибди.
26 ёшли боксчи -60 кг вазн тоифасида 112 марта жанг ўтказиб, уларнинг 101 тасида ғалаба қозонган, 11 та баҳсда имкониятни бой берган. У Олимпиада, Жаҳон ва Осиё чемпионати ҳамда осиё ўйинларида зафар қучган кам сонли боксчилардан бири ҳисобланади.
Рейтингнинг кучли ўнлигидан яна уч нафар ўзбекистонлик чарм қўлқоп устаси жой олган:
Фазлиддин Эркинбоев — 5-ўрин (57 ғалаба, 3 мағлубият, 21 ёш);
Тўрабек Хабибуллаев — 8-ўрин (62 ғалаба, 8 мағлубият, 22 ёш);
Асадхўжа Мўйдинхўжаев — 10-ўрин (69 ғалаба, 10 мағлубият, 25 ёш).
Шунингдек, кучли бешликдан Россия ва Украина вакиллари жой олган. Россиялик Муслим Гажимагомедов 2-ўрин, Всеволод Шумков 3-ўрин ва украиналик таниқли боксчи Олександр Хижняк 4-ўринни банд этган.
Маълумот учун, Хитойнинг Гуиянг шаҳрида World Boxing ташкилоти кубоги баҳсларининг иккинчи босқичи бўлиб ўтди. Мусобақада 40 давлатдан 177 нафар эркак ва 123 нафар аёл боксчи ғолиблик учун баҳс олиб борди. Унда Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси тўлиқ таркибда — 10 та вазн тоифасида, аёллар жамоаси эса 9 та вазн тоифасида иштирок этди. Якунда улар 4 та олтин, 3 та кумуш ва 4 та бронза медалига сазовор бўлди.
Унда бухоролик боксчи -60 кг вазн тоифасида олтин медални қўлга киритганди. Бундан ташқари, -90 кг вазн тоифасида Тўрабек Хабибуллаев ҳам барча рақибларини мағлуб этиб, биринчи ўринни эгаллаган.













