«Бавария» дарвозабони Мануэль Нойер жамоасининг Чемпионлар лигасидаги янги мавсум учун имкониятлари ҳақида фикр билдирди.
Чемпионлар лигаси ғолиблиги учун асосий даъвогарлар ҳақида:
«Аввалги йилларда финалга чиққан жамоалар яна асосий даъвогарлар қаторида. «Барселона» ҳам жуда кучли таркибга эга. Плей-офф босқичи яқинлашган сари фаворитлар янада аниқроқ кўрина бошлайди. Барча жамоаларда ўсиш ва пасайиш даврлари бўлади, аммо одатдаги кучли клублар фаворитлар сафида бўлишини кутяпман».
«Бавария»га турнирда ғолиб чиқиш учун нима етишмаётгани ҳақида:
«Ҳаммаси майда деталларга боғлиқ. Биз муваффақиятга жуда яқин келганмиз, жумладан, ўтган мавсум «Реал» ва «ПСЖ»га қарши ўйинларда ҳам. Бизда салоҳият бор, тажриба ҳам ёрдам беради.
Яна шу босқичларгача етиб бориш истагимиз жуда катта. Асосий мақсадимиз — Чемпионлар лигасини ютиш. Биз оғир мағлубиятларни бошдан кечирдик, аммо бу бизга қўшимча мотивация беради. Чунки келаси ёз Мадридда ўтадиган финалда ўйнашни истаймиз».
Мадриддаги финал унинг эҳтимол сўнгги мавсумидаги асосий мақсадми, деган саволга Нойер шундай жавоб берди:
«Мен мавсумни имкони борича барча совринларни қўлга киритиш ниятида бошлаяпман. Менимча, жамоамиз бунга қодир. Айнан шунинг учун ҳам фаолиятимни давом эттиришга қарор қилдим.
Бу жамоа, мураббийлар штаби ва бизнинг кайфиятимиз билан барчасига эришиш мумкинлигини биламан. Чемпионлар лигасини учинчи марта ютиш мен учун жуда катта аҳамиятга эга бўларди. Олдимизда кучли рақиблар билан ўйинлар турганини тушунамиз. Энди яхши тайёргарлик кўриб, аввало мусобақа стартига эътибор қаратишимиз керак», — деди 40 ёшли Нойер матбуот анжуманида.
«Бавария» Чемпионлар лигаси умумий босқичи 1-турида ўз майдонида «Буде-Глимт»ни қабул қилади.













