«Базель» Штефан Лихтштайнер жамоа бош мураббийи лавозимидан озод этилганини расман эълон қилди.
«Сўнгги ҳафталар ва ойларда жамоани бошқариш ҳамда ривожлантириш борасида режалаштирилган ўсиш ва яхшиланишлар кутилганидек амалга ошмади. Шу сабаб клуб бош мураббий Штефан Лихтштайнер билан ҳамкорликни дарҳол тўхтатишга мажбур», — дейилади клуб баёнотида.
Лихтштайнер «Базель»ни январь ойидан буён бошқариб келаётган эди. Унинг шартномаси 2029 йил ёзигача мўлжалланганди.
42 ёшли мутахассис қўл остида жамоа 27 та ўйин ўтказиб, 10 та ғалаба қозонди, 3 марта дуранг қайд этди ва 14 та учрашувда мағлуб бўлди.
Футболчилик фаолияти давомида Лихтштайнер «Грассхоппер», «Лилль», «Лацио», «Ювентус», «Арсенал» ва «Аугсбург» клублари шарафини ҳимоя қилган.
У «Ювентус» билан етти марта Италия чемпиони бўлган, тўрт марта мамлакат кубоги ва уч марта Италия Суперкубогини қўлга киритган.
Шунингдек, Лихтштайнер Швейцария терма жамоаси сафида 108 та ўйин ўтказиб, 8 та гол урган.













