«Ноттингем Форест»нинг ҳужумкор ярим ҳимоячиси Морган Гиббс-Уайт яқин трансфер ойнасида юқорироқ даражадаги клубга ўтиши мумкин.
Hooligan Soccer маълумотларига кўра, «Арсенал», «Челси» ва «Манчестер Сити» 26 ёшли англиялик футболчини ўз сафига қўшиб олишдан манфаатдор. Таъкидланишича, «ўрмончилар» 70–80 миллион евро миқдорида таклиф тушса, музокараларни бошлашга тайёр. Бироқ клуб трансфер келишувига бонуслар ва футболчининг кейинги сотувидан улуш олиш бандини ҳам киритишни режалаштирмоқда.
Жорий мавсумда Гиббс-Уайт Англия Премьер-лигасида 3 та учрашувда майдонга тушиб, 1 та гол урди ва 1 та голли узатма амалга оширди.
Ярим ҳимоячининг «Ноттингем Форест» билан амалдаги шартномаси 2028 йил июнь ойига қадар мўлжалланган.













