Швейцария Суперлигасининг 8-турида чемпионат пешқадамлари сафида бораётган "Лугано" ва "Янг Бойз" ўзаро тўқнаш келди. Сермаҳсул кечган баҳс 2:2 ҳисобида якунланди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Беҳруз Каримов "Лугано"нинг бошланғич таркибидан жой олди ва учрашувни тўлиқ ўтказди.
Мезбонлар баҳсни шиддатли бошлаб, 2-дақиқада Даниэль Дос Сантоснинг голи эвазига ҳисобни очди. Бироқ "Янг Бойз" биринчи бўлимнинг ўзида вазиятни ўз фойдасига ўзгартирди. 28-дақиқада Самуэль Эссенде мувозанатни тиклаган бўлса, 45-дақиқада Кристиан Фасснахт меҳмонларни олдинга олиб чиқди.
"Лугано" мағлубиятдан ўйиннинг 80-дақиқасида қутулиб қолди. Альбиан Айети рақиб дарвозасини ишғол қилиб, якуний ҳисобни белгилади — 2:2.
Ушбу натижадан кейин "Лугано" 7 та учрашувда 19 очко билан турнир жадвалида пешқадамликни сақлаб қолди. "Янг Бойз" эса 8 ўйиндан сўнг 16 очко билан иккинчи ўринда бормоқда.













