Мадриднинг «Атлетико» клуби ҳужумчиси Хулиан Альварес яна жароҳат сабаб сафдан чиқиши мумкин.
Marca хабарига кўра, аргентиналик футболчи катта эҳтимол билан якшанба куни Ла Лига доирасида «Реал Сосьедад»га қарши ўйинни ўтказиб юборади.
Шанба кунги машғулот вақтида Альварес ўзини ноқулай ҳис қилди ва шу сабаб машғулотни муддатидан олдин якунлашга мажбур бўлди. Яқин вақт ичида у тиббий кўрикдан ўтади ва шундан сўнг муаммонинг қай даражада жиддий экани маълум бўлади.
«Атлетико»нинг «Реал Сосьедад»га қарши сафар учрашуви Тошкент вақти билан соат 23:59 да бошланади.
Чоршанба куни Альварес Чемпионлар лигасида «Ливерпуль»га қарши ўйинда голли узатма берганди. «Атлетико» 1:2 ҳисобида мағлуб бўлган ушбу баҳсда аргентиналик ҳужумчи жорий мавсумда илк бор учрашувни бошидан охиригача ўтказди.













