Синхрон сузиш бўйича Жаҳон чемпионати кумуш медали совриндори Анастасия Бахтирёва Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.
Спортчи эндиликда Ўзбекистон терма жамоаси сафида Осиё ўйинларида иштирок этади. Бу ҳақда 23 ёшли спортчининг ўзи “Матч ТВ” телеканалига маълум қилди.
“Онам иш сабабли Ўзбекистонга кўчиб ўтди ва менга ҳам у билан бирга боришни таклиф қилди. Албатта, рози бўлдим. Шундан сўнг спортдаги фаолиятимни қандай давом эттиришим ҳақида ҳам бир қарорга келдик”, деди Бахтирёва.
Бахтирёва билан бирга яна бир синхрон сузувчи — Виолетта Евенко ҳам спорт фуқаролигини ўзгартирди.
“Шундан кейин Виолеттага қўнғироқ қилиб, уни ҳам таклиф қилдим. Биз жуда яқин дугонамиз ва у ҳам рози бўлди. Шундай қилиб, иккаламиз бирга Ўзбекистонга келдик. Ҳозир машғулот ўтказиб, Осиё ўйинларига тайёргарлик кўряпмиз”, дея қўшимча қилган спортчи.
World Aquatics ташкилоти ҳар икки спортчининг мақомини ўзгартиришини маъқуллади. Айни пайтда Бахтирёва ва Евенко Ўзбекистон терма жамоаси таркибида машғулот олиб бориб, “аёллар дуэти” йўналишидаги мусобақаларга тайёргарлик кўрмоқда.
Анастасия Бахтирёва 2025 йилги Жаҳон чемпионатининг гуруҳ баҳсларида икки карра кумуш медал совриндори ҳисобланади. Шунингдек, у BRICS ўйинларининг икки карра чемпиони ва Европа чемпионатининг уч карра ғолибидир.
21 ёшли Виолетта Евенко эса ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг уч карра ғолиби ҳисобланади.
Спортчиларни тайёрлаш учун тажрибали мураббий Юлия Митева жалб этилган.













