«Хоффенхайм» дарвозабони Оливер Бауманн Германия терма жамоасининг Миллатлар лигасидаги яқин ўйинлари учун таркибига чақирилмайди. Бу ҳақда BILD хабар берди.
Манбага кўра, Германиянинг янги бош мураббийи Юрген Клопп 34 ёшли голкиперни қайдномага киритмасликка қарор қилган.
Бауманн яқинда Клопп билан мулоқот қилганини тасдиқлаган, аммо терма жамоага чақирилиши ёки чақирилмаслиги ҳақида маълумот беришдан бош тортган эди.
«Ҳа, у билан гаплашдим. Қолганини пайшанба куни унинг ўзи айтади», — деган Бауманн.
Шу тариқа, Бауманн аввалги бош мураббий Юлиан Нагельсманн даврида Германия терма жамоасининг асосий дарвозабони бўлганига қарамай, бу сафар таркибдан четда қолади. У узоқ вақт давомида биринчи рақам мақомида бўлган, аммо жаҳон чемпионати арафасида Мануэль Нойерга ўрнини бой берган эди.
BILD маълумотига кўра, Клопп дарвозабонлар иерархиясини янгидан шакллантиришга тайёр. Айни пайтда «Аякс» голкипери Марк-Андре тер Штеген асосий дарвозабон сифатида кўрилмоқда. Йонас Урбиг ва Александр Нюбель эса захирадаги ўринлар учун асосий номзодлардан ҳисобланади.
Шунингдек, «Аугсбург» дарвозабони Финн Дамен ҳам кутилмаган ҳолда терма жамоага чақирилиши мумкин.
Клопп аввалроқ «Хоффенхайм» бош мураббийи Кристиан Ильцер билан ҳам мулоқот қилган. Ильцернинг айтишича, Германиянинг янги бош мураббийи футболчилар ва клублар ҳақида яхшироқ маълумот олиш учун жамоа мураббийлари билан фаол алоқа ўрнатмоқда.
«У ҳақиқий мулоқот бўлиши ва томонлар бир-бирини яхшироқ танишига катта эътибор қаратяпти», — деди Ильцер.
«Эҳтимол, «Хоффенхайм»да «Штутгарт» ёки «Бавария»даги каби терма жамоага аниқ номзодлар кўп эмасдир. Шунга қарамай, у барча клуб мураббийлари билан фаол равишда алоқа ўрнатмоқда», — дея қўшимча қилди у.
Клопп Германия терма жамоаси бош мураббийи сифатидаги илк таркибини пайшанба куни расман эълон қилади.













