"Ланс" бош мураббийи Дино Топпмёллер яқин вақт ичида лавозимидан озод этилиши мумкин. Бу ҳақда SO FOOT хабар берди.
Германиялик мутахассис жамоа бошқарувида атиги 28 кун ишлади. Шу вақт ичида "Ланс" унинг қўл остида 6 та учрашув ўтказди.
Агар истеъфо расман тасдиқланса, Топпмёллер Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда "Ланс"ни энг қисқа муддат бошқарган мураббийга айланиши мумкин.
Аввалги антирекорд Ги Руга тегишли. У 2007 йилда жамоа бош мураббийи сифатида 7 та учрашув ўтказган.
Топпмёллерни истеъфога чиқариш қарори клубнинг сўнгги йилларда барқарорликка катта эътибор қаратиб келаётгани фонида кутилмаган ҳолат сифатида баҳоланмоқда. Шу билан бирга, мавсум бошида мураббий кўплаб жароҳатлар сабаб жиддий йўқотишларга учраган таркиб билан ишлашга мажбур бўлган.
Можаронинг сабабларидан бири Топпмёллернинг ёрдамчиси Нельсон Моргадо билан боғлиқ бўлиши мумкин. Хабарларга кўра, клуб раҳбарияти коммуникация ва жамоа билан ишлашдаги муаммолар сабаб уни мураббийлар штабидан чиқаришни истаган.
Бироқ Топпмёллер ўз ёрдамчисини ҳимоя қилган ва бу қарорга қарши чиққан.
"Ланс" бош мураббийи вазифасини вақтинча Жан-Луи Лека бажариши мумкин. У аввал клуб мураббийлар штабида фаолият юритган.













