Франция терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Кристоф Дюгарри Роберто Де Дзербининг "Тоттенхэм" билан тузган беш йиллик шартномасини кескин танқид қилди ва италиялик мутахассис катта клубни бошқаришга тайёр эканига шубҳа билдирди.
"Мен унинг ҳақиқий даражаси қандай эканини ҳеч қачон тўлиқ тушунмаганман. Менга унинг "Брайтон", "Сассуоло" ва бошқа клубларда яхши ишлаганини айтишади. Аммо мен учун у ҳали ҳам катта жамоаларни бошқаришда мутлақ кафолат берадиган мураббий эмас", — деди Дюгарри RMC Sport эфирида.
Собиқ футболчи Де Дзербининг шартнома муддатига ҳам алоҳида тўхталди.
"У беш йиллик шартнома имзолади. Бу қилган иши ҳақиқий ўғирлик — ҳатто ниқоб тақишга ҳам ҳожат қолмади. Бу ақл бовар қилмайдиган ҳолат", — деди Дюгарри.
"Тоттенхэм" Англия Премьер-лигасининг дастлабки 4 турида атиги 2 очко жамғарди ва ҳали чемпионатда бирорта ҳам гол ура олмади.
Жамоанинг голсиз серияси 400 дақиқадан ошиб кетган. Лондонликлар "Ноттингем Форест" ва "Эвертон"га қарши учрашувларни ҳам голсиз дуранг билан якунлади.
"Эвертон"га қарши баҳсдан кейин "Тоттенхэм" мухлислари жамоани ҳуштакбозлик билан кузатиб қўйди.
Клуб ёзги трансферлар ойнасида қарийб 350 миллион евро сарфлагани Де Дзерби ва футболчиларга нисбатан босимни янада кучайтирмоқда.
Де Дзербининг "Сассуоло" ва "Брайтон"даги жамоалари ҳам унинг ўйин ғояларига мослашиш учун маълум вақт талаб қилган. Бироқ АПЛдаги дастлабки тўрт учрашувда жамоанинг гол ура олмагани мураббийлар тез-тез алмашадиган "Тоттенхэм"да сабр тобора камайиб бораётганини кўрсатмоқда.













