«Манчестер Юнайтед» мавсумни унчалик яхши бошлай олмади ва шу сабаб матбуотда клубда мураббий алмашиши мумкинлиги ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлди.
«Қизил иблислар» ўтган мавсумнинг иккинчи ярмини истеъфога чиқарилган Рубен Аморим ўрнини эгаллаган Майкл Каррик қўл остида жуда яхши ўтказган эди. Бироқ янги мавсумда ишлар у қадар силлиқ кетмаяпти.
Жамоа Премьер-лиганинг дастлабки тўрт турида бор-йўғи 4 очко тўплади. Шунингдек, Англия Лига кубогида ўз майдонида «Брайтон»га 2:3 ҳисобида мағлуб бўлиб, мусобақани тарк этди.
Topskills Sports UK хабарига кўра, агар «Манчестер Юнайтед» раҳбарияти Каррик билан хайрлашишга қарор қилса, Эдди Хау унинг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган номзодлардан бири ҳисобланади.
Ҳозирча Каррикни истеъфога чиқариш режалаштирилмаган. Бироқ манбанинг таъкидлашича, яқин вақт ичида натижалар яхшиланмаса, унинг клубдаги позицияси хавф остида қолиши мумкин.
Шунингдек, Эдди Хаунинг «Манчестер Юнайтед»да ишлашга қизиқиш билдириши айтилмоқда.













