«Ювентус» аргентиналик вингер Нико Гонсалеснинг вакиллари билан янги шартнома масаласида музокара ўтказади. Бу ҳақда инсайдер Николо Скира ижтимоий тармоқларда хабар берди.
Манба маълумотига кўра, томонлар ўртасидаги музокаралар терма жамоалар ўйинлари муносабати билан юзага келадиган танаффус пайтида бўлиб ўтади.
Учрашувда ҳамкорликни 2030 ёки 2031 йилга қадар узайтириш масаласи муҳокама қилинади.
28 ёшли вингернинг «Ювентус» билан амалдаги шартномаси 2029 йил июнь ойи охирига қадар мўлжалланган. Унинг трансфер қиймати 22 миллион еврога баҳоланмоқда.
Гонсалес жорий мавсум А Серияда 3 та учрашувда майдонга тушиб, 1 та гол урди.













