«Бавария» бош мураббийи Венсан Компани вингер Майкл Олисенинг ўйин ва шахсий фазилатларига юқори баҳо берди.
Франциялик футболчи Бундеслига доирасида «Унион»га қарши ўтган ва 7:0 ҳисобида якунланган учрашув қаҳрамони бўлди. Олисе хет-трик қайд этди ва яна бир голга ассистентлик қилди.
Журналистлар Компанига Олиседа уни энг кўп нима ҳайратга солиши ҳақида савол беришди.
«Ҳамма жиҳати. Гап фақат унинг қандай ўйнаши ҳақида эмас, балки характери ҳақида ҳам кетяпти. Мен ўз футболчиларимнинг «мухлиси» бўлишни истамайман — мен учун уларнинг қандай инсон экани ҳам муҳим.
Олисе барча яхши сифатларни ўзида жамлаган футболчи. Бундай ўйинчилар билан ишлаш осон. У икки ярим йилдан бери шу даражада ўйнаб келмоқда ва, шубҳасиз, тўғри йўлда», — деди Компани матбуот анжуманида.
Майкл Олисе жорий мавсумда 7 та ўйинда 8 та гол урди ва 3 та голли узатмани амалга оширди.













