«Ливерпуль» афсонаси Жейми Каррагер жамоанинг мавсумни муваффақиятсиз бошлаганидан сўнг клубни танқид қилди. «Қизиллар»нинг собиқ сардори бу ҳолатда янги бош мураббий Андони Ираолани айбламади ва муаммоларни клубнинг трансфер бозорида қабул қилган қарорлари билан боғлади.
Каррагер ҳозирги «Ливерпуль»ни 2000-йиллар бошидаги Мадрид «Реал»ининг «галактикос» лойиҳасига қиёслади. Ўша даврда Испания клуби Зинедин Зидан, Роналдо, Луиш Фигу ва Дэвид Бекхэм каби юлдузларни бир жамоага тўплаган, аммо узоқ муддатда унга билдирилган катта умидларни тўлиқ оқлай олмаган эди.
«Янги мураббий «Ливерпуль»нинг трансфер сиёсати оқибатлари билан дипломатик тарзда курашишига тўғри келмоқда. Бу сиёсат клубни ўзи учун одатий бўлмаган ва таваккалчиликка бой йўлга бошлади. Бу йўл кўпроқ «Реал» танлаган йўналишни эслатади.
Ҳозир биз «Энфилд»да омадсиз кечаётган «галактикос» даврининг ўртасида турибмиз», — деб ёзди Каррагер The Telegraph нашридаги мақоласида.
Собиқ ҳимоячи «Ливерпуль»нинг трансферларга сарфлаган улкан маблағларига ҳам алоҳида эътибор қаратди.
«Қанча маблағ сарфланганини ҳисобга олсак, бу ақл бовар қилмас ҳолат. Баск мураббийи «Ливерпуль» тарихида умумий қиймати 700 миллион фунтдан ортиқ бўлган янги футболчилар билан ишлаётган илк мураббийга айланди. У ўзига жуда мураккаб вазият мерос қолган, деб ҳисобласа ҳам бўлади», — деди Каррагер.
«Ливерпуль» Англия Премьер-лигасининг дастлабки тўрт турида атиги битта ғалаба қозонди ва уч марта дуранг ўйнади. Айни пайтда «қизиллар» турнир жадвалида 8-ўринни эгаллаб турибди.













