Лондоннинг «Тоттенхэм» клуби ва Бразилия терма жамоаси ҳужумчиси Ришарлисонда БАА чемпионатида фаолиятини давом эттириш варианти бўлган. Бу ҳақда инсайдер Экрем Конур ижтимоий тармоқларда маълум қилди.
Журналистга кўра, «Шабаб Ал-Аҳли» ҳужумчини ўз сафига қўшиб олишдан манфаатдор бўлган. Клуб футболчини трансфер қилишга уриниб кўрган, бироқ Англия томони келиб тушган таклифни рад этган. «Шпорлар» битим шартларидан қониқмаган.
Ришарлисон 2022 йил ёзидан буён Лондон жамоаси сафида тўп тепмоқда. Унинг шартномаси 2027 йил июнь ойи охиригача амал қилади, футболчининг бозор қиймати эса 25 миллион еврони ташкил этади.
Бразилиялик футболчи жорий АПЛ мавсумида 1 та учрашувда майдонга тушди.













