«Интер» президенти Жузеппе Маротта клуб афсонаси Сандро Маццоланинг хотирасини асраш жамоанинг бурчи эканини таъкидлади. 83 ёшида вафот этган Маццола «Интер» сафида 17 мавсум ўтказиб, бутун фаолияти давомида фақат миланликлар шарафини ҳимоя қилган.
«Интер»нинг яна бир афсонаси бизни тарк этди. У 17 мавсум давомида битта жамоа — «Интер» либосини кийди ва бутун умрини клубга бағишлади. У Эленио Эррера ва Анжело Моратти давридаги буюк «Интер»нинг тарихига ўчмас саҳифалар ёзилишига ҳисса қўшди.
Бугун клуб сифатида биз бу афсона хотирасини асрашимиз шарт. Чунки унинг ҳаёти ва фаолиятида янги авлодга, жумладан, академиямиз тарбияланувчиларига етказилиши керак бўлган кўплаб қадриятлар мужассам», — деди Маротта.













