«Тоттенхэм» Премьер-лиганинг янги мавсумидаги беш турдан сўнг турнир жадвалида охирги ўринни эгаллаб турибди. Лондон клуби учун бу жуда ноодатий ҳолат. Охирги марта «шпорлар» беш турдан сўнг жадвалнинг энг қуйи қисмида 2008 йилда бўлишган эди.
Ёзда «Тоттенхэм» янги футболчиларни сотиб олиш учун тахминан 366 миллион евро сарфлади, аммо катта молиявий киритмалар ҳозирча кутилган натижани келтирмади.
Чемпионатнинг бешта ўйинида жамоа бор-йўғи икки очко жамғарди — иккита дурангдан сўнг учта мағлубиятга учради. Шу билан бирга, «шпорлар» дастлабки тўрт турни бирорта ҳам гол урмасдан якунлашган эди. Фақатгина «Астон Вилла»га қарши ўтказилган бешинчи учрашувда лондонликлар ниҳоят ўз номларини таблога ёздириб қўйишга муваффақ бўлишди, аммо 2:3 ҳисобида имкониятни бой беришди.













