Килиан Мбаппе тиббий кўрикдан ўтиш учун Мадридга етиб келди.
Франция терма жамоаси ҳужумчиси Миллатлар лигаси гуруҳ босқичида Туркияга қарши ўтган учрашувда пайидан жароҳат олган. Мбаппе 54-дақиқада гол урган вазиятда ноқулайлик ҳис қилган ва 59-дақиқада алмаштирилган.
«Мбаппе аллақачон Мадридда. Тиббий текширув бугун кундузи ўтказилади. Натижалар маҳаллий вақт билан соат 18:00 дан кейин маълум бўлиши кутилмоқда. Кутилмалар яхши эмас», — деб ёзди AS журналисти Серхио Лопес.
Мбаппе жорий мавсумда барча мусобақаларда 8 та ўйинда майдонга тушиб, 8 та гол урди ва 2 та голли узатмани амалга оширди.
Унинг клуб билан амалдаги шартномаси 2029 йил ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt маълумотига кўра, футболчининг бозор қиймати 200 миллион еврони ташкил қилади.













