Германия терма жамоаси бош мураббийи Юрген Клопп Миллатлар лигаси гуруҳ босқичи 2-турида Грецияга қарши ўтказилган уй учрашувидаги 0:1 ҳисобли мағлубиятга муносабат билдирди.
«Футбол шунақа. Бугун дуранг ўйнаганимизда, бу натижани осон қабул қилган бўлардим, аммо мағлубият — оғир. Менимча, биз бундай натижага лойиқ эмасдик, аммо барибир шундай бўлди ва ҳозир шу вазиятдамиз.
Грециянинг бугунги ўйин учун аниқ режаси бор эди. Биз қилаётган ишимизга янада кўпроқ ишонишимиз керак. Ана шунда ҳаммаси яхши бўлади.
Биз таркибни ўзгартирамиз, жамоада ҳам ўзгаришлар қиламиз. Яхши томони шундаки, рақиб бизнинг қандай ўйнашимизни аниқ билмайди. Аммо айни пайтда биз ҳам қандай ўйнашимизни тўлиқ билмаймиз, чунки бу футболчиларни яна бир жойга жамлашимиз керак.
Бу ўйиндан кўп нарса ўрганишимиз мумкин ва биз шундай қиламиз. Бунинг устида ишлаймиз», — дея Клоппнинг сўзларини УЕФА расмий сайти келтирди.
Германия 2 та учрашувдан сўнг 1 очко билан А дивизиони 2-гуруҳида учинчи ўринни эгаллаб турибди. 1 октябрь куни Германия ўз майдонида Сербия терма жамоасини қабул қилади.













