Ла Лига президенти Хавьер Тебас футболчиларга тушаётган ортиқча юкламани яна бир бор танқид қилди.
«Биз Ла Лигада бир неча йилдан буён футбол тақвими аста-секин ўз имкониятлари чегарасига яқинлашаётганини айтиб келяпмиз. Янги мусобақалар пайдо бўлмоқда, халқаро турнирлардаги ўйинлар ва иштирокчилар сони ортяпти, терма жамоалар ўйинлари учун танаффуслар кўпаймоқда, ўртоқлик учрашувлари эса қўшимча ва кўп ҳолларда жуда узоқ сафарларни талаб қилмоқда.
Аммо бу юкламаларнинг барчаси охир-оқибат бир хил футболчилар зиммасига тушади. Ваҳоланки, уларга маош тўлайдиган ва шартнома асосида таъминлайдиган томон айнан клублар ҳисобланади.
Шу билан бирга, бу вазият учун миллий терма жамоаларнинг ўзи ёки йирик халқаро турнирларни айбламаган бўлардим. Асосий муаммо — мусобақалар сони мунтазам равишда кенгайиб бораётгани ва иштирокчилар сони оширилаётганида. Бу эса тақвимни янада зичлаштирмоқда.
Эътибор қаратиш керак бўлган яна бир жиҳат бор. Кўп ҳолларда халқаро футбол ташкилотларидаги сайловлар арафасида янги турнирлар, лойиҳалар ёки мусобақаларни кенгайтириш ҳақидаги қарорлар пайдо бўлади. Бу эса кўпроқ федерацияларнинг қўллаб-қувватловини қўлга киритиш имконини беради.
Яқин вақтда 2027 йилги ФИФА президенти сайловлари арафасида ҳам худди шундай ҳолатни яна кўришимиз мумкин. Жанни Инфантино ушбу сайловда иштирок этиш ниятини аллақачон тасдиқлаган.
Шу билан бирга, бундай қарорларнинг футболчилар, клублар ва миллий чемпионатларга қандай таъсир қилиши ҳали ҳам тўлиқ ва комплекс тарзда баҳоланмаяпти», — деб ёзди Тебас X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.













