Ҳимоячи Алехандро Бальде «Барселона»нинг асосий таркибидаги мавқеини йўқотган. Каталонияликлар бош мураббийи Ханс-Дитер Флик Бальдени жамоа учун алмаштириб бўлмас футболчи деб ҳисобламайди, клуб спорт директори Деку эса анчадан бери уни маош ведомостидан чиқариш имконини изламоқда.
«ПСЖ» 22 ёшли Бальдени таркибга қўшиб олиш имкониятини кўриб чиқишга тайёр. El Nacional маълумотига кўра, Париж клуби трансфер қандай шартларда амалга ошиши мумкинлигини аниқлаш учун иш бошлаган.
«Луис Энрике Бальде каби ҳимоячи тезлиги, бўш ҳудудлардаги ҳаракати ва катта масофаларни босиб ўтиш қобилияти орқали жамоага нималар бера олишини жуда яхши билади. Энрике ҳужумда майдон кенглигини таъминлай оладиган ҳимоячи изламоқда ва муҳит алмашиши Бальдега фойда бериши мумкин, деб ҳисоблайди», — дейилади хабарда.
«Барселона» Бальдени кейинчалик катта суммага сотиб олиш опцияси билан ижарага бериш имкониятини кўриб чиқишга тайёр.













