ESPN маълумотига кўра, "Ливерпуль" ва Европанинг яна бир нечта клуби "Дефенсор"нинг 16 ёшли истеъдоди Николас Скоттини кузатмоқда. Унга Бразилия клублари ҳам қизиқиш билдирган.
Скотти ёш бўлишига қарамай, Уругвайнинг "Дефенсор" клуби асосий жамоасида дебют қилишга улгурган. Айни пайтда у Уругвай U17 терма жамоаси таркибида ҳам иштирок этмоқда.
Бразилиянинг "Сан-Паулу" ва "Атлетико Минейро" клублари ҳам футболчининг ҳолати бўйича маълумот сўраган.
Ёш футболчининг шартномасида 8 миллион доллар миқдорида товон пули белгиланган. Бу сумма унга қизиқиш билдирган клублар учун жозибадор бўлиши мумкин.
Маълум бўлишича, агар яқин вақт ичида расмий таклиф тушса, "Дефенсор" Скоттини шартномадаги товон пулидан арзонроқ нархга ҳам сотишга тайёр. Клуб молиявий жиҳатдан футболчилар савдосига боғлиқ бўлгани учун пастроқ таклифни ҳам кўриб чиқиши мумкин.
Скотти 2025/26 йилги мавсумда "Дефенсор" ва Уругвай U17 жамоаси сафида жами 10 та учрашув ўтказиб, 2 та гол урган.
У Уругвай футболининг энг иқтидорли ёш футболчиларидан бири сифатида баҳоланмоқда. Келажакда у U20 ва катталар терма жамоасига ҳам чақирилиши мумкин.













