«Пари Сен-Жермен» «Барселона»нинг чап қанот ҳимоячиси Алехандро Бальдени ўз сафига қўшиб олиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Парижликларнинг 22 ёшли футболчига қизиқиши ҳақида аввал ҳам хабар берилган эди. Журналист Экрем Конур маълумотига кўра, «ПСЖ» испаниялик футболчи учун 40 миллион евро таклиф қилишга тайёр.
Шунингдек, Бальде билан боғлиқ вазиятни «Ливерпуль», «Манчестер Юнайтед», «Челси» ва Миланнинг «Интер» клублари ҳам кузатиб бормоқда.
«Барселона» бош мураббийи Ханс-Дитер Флик Бальдега унчалик ишонч билдирмаяпти. Жорий мавсумда ҳимоячи бор-йўғи бир марта майдонга тушган — у Ла Лига доирасида «Расинг»га қарши 7:2 ҳисобида якунланган учрашув сўнгида захирадан ўйинга қўшилган.
Transfermarkt портали мутахассислари Бальденинг бозор қийматини 50 миллион еврога баҳоламоқда.













