«Милан» директорлар кенгаши клубнинг 2025/26 йилги мавсум учун молиявий ҳисоботини тасдиқлади. Клуб даромади 464,6 миллион еврони ташкил этди, бу 2024/25 йилги мавсумда қайд этилган рекорд кўрсаткичдан 6 фоиз кам.
Даромаднинг пасайиши «Милан»нинг еврокубокларда иштирок этмагани билан изоҳланмоқда. Шунга қарамай, тижорий йўналиш рекорд натижаларни қайд этди: ҳомийликдан тушган даромад клуб тарихида илк бор 100 миллион евродан ошди.
Шунингдек, «Милан» учрашувларига ўртача ташриф иккинчи мавсум кетма-кет А Серияда энг юқори кўрсаткич бўлди — ҳар бир ўйинга 72 мингдан ортиқ мухлис ташриф буюрди.
Brand Finance маълумотига кўра, «Милан» бренди қиймати рекорд даражадаги 514 миллион еврога етди. Бу ўтган йилга нисбатан 28 фоизга кўп. Клуб 2021 йилдан бери дунёда энг тез ўсиб бораётган футбол бренди деб эътироф этилди.
Клубнинг соф зарари тахминан 24 миллион еврони ташкил қилди. «Милан»да бу ҳолат еврокубокларда иштирок этилмагани билан боғлиқ вақтинчалик таъсир сифатида изоҳланмоқда.
Соф қарз миқдори бир йил аввалги 92 миллион евродан 145,3 миллион еврогача ошди. Бу инвестиция дастури ва ривожланиш лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ.
Клубнинг ўз капитали 176,4 миллион еврони ташкил этмоқда.













