“Металлург” – “Насаф” учрашувидан кейин биз бекободликлар бош мураббийи Рустам Мирсодиқов билан мулоқотда бўлдик. Якунига етган учрашув тафсилоти ва яқин орадаги режалари билан ўртоқлашдик.
— Рустам ака, айтингчи бугун ниманинг эвазига ғалаба қозонилди?
— “Насаф” мамлакатимизнинг жуда кучли жамоаларидан бири. Айниқса бу йилги мавсумни қаршиликлар ҳар қачонгига қараганда ҳам муваффақяитли ўтказишмоқда. Аммо биз билан ўйин арафасида “Насаф” иккита оғир учрашув ўтказди. Чемпионатнинг “Пахтакор” билан ўйинида асосий ҳимоячиларидан бири Мақсуд Каримов майдондан четлатилди. Кубок учрашувида эса “Бунёдкор”га қарши ўйинда таркибнинг барчаси кўп тер тўкди, толиқди. Шундан бўлса керак бугун “Насаф” керакли натижага эриша олмади. Бизда эса ғалабага иштиёқ кучли эди. Ғалаба сув ва ҳаводек зарур бўлиб турганини шогирдларимга уқтирди. Улар мени яхши тушунишганлиги учун йигитларга катта раҳмат.
— Таркибдаги йўқотишлардан чўчимадингизми?
— Бу ўйинда асосий таркибнинг 4 ўйинчиси майдонга туша олмасди. Александр Ковалев, Сардор Расулов, Одил Исабоев, Миртўра Акбаров хизматидан фойдалана олмаслигим албатта мени чўчитди. Майдонга тушадиган 11 нафар футболчини аранг йиғдик. Ўйинни захирадан тушиб кучайтирадиган футболчилар эса амалда йўқ эди. ёшларга таянишга мажбур бўлик. Хайриятки улар бизга панд беришмади. Сўнгги дақиқагача чидаб беришди. Бу 3 очко мавсум сўнггида жамоаларнинг мусобақа жадвалидаги мавқеини белгилашда жуда асқотади. Чунки бизни олдинда янада қийин учрашувлар кутиб турибди: “Локомотив”, “Пахтакор”, “Сўғдиёна”, “Нефтчи”, “Динамо”, “Шўртан”. Ҳар бир рақибимизнинг ўйинга яраша мотивацияси мавжуд. Шундай экан мавсум якунида бир очконинг қадри ҳам олтинга тенг бўлиши мумкин. Биз эса ўз мавқеимизни сақлаб қолишни истаймиз.