"Андижон" футбол клуби янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқидан вақтинча маҳрум қилинди.
Бунга клубнинг собиқ мураббийлари Григорий Колосовский, Павел Синельников ва Денис Тойменсов олдидаги молиявий мажбуриятларини белгиланган муддатда бажармагани сабаб бўлди.
ЎФАнинг Футболчилар мақоми ва ўтиши бўйича қўмитаси аввалроқ "Андижон"га қарздорлик масаласини 10 сентябрга қадар ҳал этиш учун муҳлат берган эди.
Шунингдек, белгиланган санагача келишувга эришилмаган тақдирда клубга миллий ва халқаро даражада янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш бўйича чеклов жорий этилиши белгиланган.
Қарздорлик масаласи ўз вақтида бартараф этилмагани сабаб санкция автоматик равишда кучга кирди.
Энди "Андижон" кетма-кет икки рўйхатдан ўтказиш даври мобайнида янги футболчиларни Лига рўйхатига кирита олмайди.
Клуб мазкур қарор ҳақида 25 сентябрь куни расман хабардор қилинган.













