Ўзбекистонлик FIFA рефериси Илгиз Танташев Жаҳон чемпионатидаги фаолиятини қандай баҳолайди. Ҳакам “Дарё” мухбири билан суҳбатда ушбу саволга жавоб берди.
Танташев Жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун 20 йил давомида меҳнат қилганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мундиалда илк учрашувни бошқариш вақтида ўзига мусобақадан завқ олиш кераклигини айтган.
“Аввало, Жаҳон чемпионатига чиқиш учун қийин ва катта йўлни босиб ўтдим. Нафақат ҳакамлар, балки футболчилар ва мураббийлар учун ҳам Жаҳон чемпионатида қатнашиш катта орзу. Мен ҳам шу орзуга эришиш учун 20 йил давомида меҳнат қилдим. Табиийки, ЖЧдаги илк ўйинимни бошқараётганимда ўзимга-ўзим: ‘Мана шунча йил, шунча йўлни босиб ўтдинг. Ҳозир эса Жаҳон чемпионатидасан. Энди мана шу катта турнирда иштирок этаётганингдан завқ ол’, деб айтдим. Шу фикр билан майдонга чиқдим. Ҳақиқатан ҳам мундиал умуман бошқа турнир экан. Биз клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати, Олимпиада ва Элит Осиё Чемпионлар Лигаси каби йирик мусобақаларда учрашувларни бошқарганмиз. Лекин Жаҳон чемпионати мутлақо бошқа даража”, дейди Танташев.
FIFA рефериси мундиалга бўлган эътибор ва босим жуда юқори эканини қайд этди:
“Бу мусобақага эътибор жуда катта. Бутун дунёнинг диққат-эътибори мундиалга қаратилади. Уни нафақат эркаклар ва аёллар, балки болалар ҳам томоша қилади. Табиийки, бу ҳакамга катта босим юклайди. Чунки бутун халқингиз сизни кузатиб туради. Сиз нафақат ўзингиз, балки ватандошларингиз ва мамлакатингиз номидан ҳам иштирок этасиз. Бу катта масъулият”.
Танташевнинг фикрича, бундай масъулиятни оқлаш учун ҳакам ҳар бир учрашувга максимал даражада тайёрланиши керак.
“Бу масъулиятни оқлаш учун ҳар доим яхши спорт формасида бўлишингиз ва ҳар бир учрашувга максимал даражада тайёрланишингиз керак. Ҳар бир вазиятда тўғри позиция танлаб, бор кучингизни беришингиз лозим. Чунки ўйиндан кейин ‘Нега айнан шу давлат ҳаками учрашувни бошқарди’ деган саволлар пайдо бўлмаслиги керак. Шунинг учун биз ҳар бир учрашувда бор кучимиз билан ишлашга ҳаракат қилдик”, дейди рефери.
Танташев Парагвай ва Франция ўртасидаги учрашувда айрим хатоларга йўл қўйилганини ҳам тан олди. Бироқ унинг таъкидлашича, мазкур хатолар учрашув натижасига таъсир кўрсатмаган.
“Сиз айтган Парагвай ва Франция учрашувига келсак, бу борада ОАВга ҳам фикримни билдирганман. Ҳақиқатан ҳам ўйинда айрим хатолар бўлган. Хусусан, сариқ карточка билан боғлиқ вазиятларда хатоларга йўл қўйганмиз. Бироқ бу хатолар учрашув натижасига таъсир кўрсатмаган ва FIFA томонидан ҳам бу борада ҳеч қандай эътироз билдирилмаган. Кимдир бу хатолар ўйин тизимини издан чиқарган, деб ўйлаши мумкин. Аслида эса бундай бўлмаган. Учрашув давомида бирорта ҳам қизил карточка кўрсатилмади, ҳеч бир футболчи жароҳат олмади. Мен учун энг муҳими ҳам шу”.
Танташев Жаҳон чемпионатида учта учрашувни бошқарганини ўзи учун муҳим натижа сифатида баҳолади.
“Ўйиннинг натижасига ёки боришига таъсир қиладиган жиддий хатоларга йўл қўймадик. Бу биз учун асосий ютуқлардан бири. Ўйлайманки, Жаҳон чемпионатида учта учрашувни бошқариш биз учун катта натижа. Бундан фахрланамиз. Энди эса олдинга қараб ишлашда давом этамиз”, дея таъкидлади ўзбекистонлик бош ҳакам.













