«Ювентус» ярим ҳимоячиси Тён Копмейнерс фаолиятини Англия Премьер-лигасида давом эттириши мумкин. Бу ҳақда инсайдер Экрем Конур ижтимоий тармоқларда хабар берди.
Манба маълумотига кўра, 28 ёшли нидерландиялик футболчини «Эвертон» ўз сафига қўшиб олишга қизиқиш билдирмоқда. «Ирислар» раҳбарияти Копмейнерсни январь ойидаги трансферлар ойнасида сотиб олишни режалаштирмоқда.
Шунингдек, футболчига «Ньюкасл» ва Истанбулнинг «Галатасарой» клублари ҳам қизиқиш билдирмоқда.
Копмейнерс етарли ўйин амалиётига эга бўлмаётгани сабабли «Ювентус»ни тарк этиши мумкин.
Ярим ҳимоячининг бозор қиймати 14 миллион еврога баҳоланмоқда. Унинг Турин клуби билан шартномаси 2029 йил июнь ойи охирига қадар амал қилади.
Жорий мавсум А Сериясида Копмейнерс бешта учрашувда майдонга тушиб, битта гол урди ва битта голли узатмани амалга оширди.













