«Ливерпуль»нинг собиқ ҳимоячиси Жейми Каррагер «Манчестер Сити»нинг собиқ ва амалдаги футболчилари клубнинг молиявий қоидабузарликларда айбланаётганига муносабати ҳақида фикр билдирди. Мустақил комиссия «шаҳарликлар»ни 115 банддан 114 таси бўйича айбдор деб топган. Клуб эса барча айбловларни рад этишда давом этмоқда.
«Манчестер Сити» футболчиларига ҳамдардман. Уларнинг ўрнида бўлганимда, ғазабланган бўлардим. Премьер-лига ўз баёнотида буни беш марта “уйдирма” деб атади. Аммо айрим футболчилар ҳақида гапирадиган бўлсак, уларнинг баъзилари клубни ҳимоя қилмоқда — ҳозир бу табиий ҳол. Улар учун содир бўлаётган воқеаларни кузатиш ва фаолиятида қандайдир из қолиши ёки одамлар барча ютуқларини “уйдирма” деб аташи жуда оғир бўлса керак.
Мен Кевин Де Брёйне ҳақида ўйлаяпман — у мен кўрган энг буюк футболчилардан бири. У дунёнинг исталган жамоасида ўйнаши мумкин эди ва барибир энг яхшилардан бири бўлиб қоларди. У ажойиб футболчи эди.
Аммо у «Манчестер Сити»ни танлади. Бу танлов сабабларидан бири маош бўлиши мумкин — эҳтимол, клуб атрофидаги вазият ва унга қўйилган айбловлар туфайли маош миқдори оширилган бўлиши мумкин. Аммо агар ҳозир, фаолиятининг якунида, у бутун дунё унинг “Манчестер Сити”даги ўн йиллик фаолиятини “уйдирма” деб қабул қилаётганини кўрса — мен бу сўзни Премьер-лига ишлатгани учун такрорлаяпман — мен ғазабланган бўлардим. Раҳбариятнинг ҳаракатлари туфайли бутун дунё одамлари менинг фаолиятимга шундай қараётганидан жуда қаттиқ жаҳлим чиқарди.
Ахир бу футболчиларга доимо ҳаммаси жойида экани ва уларга ҳеч қандай хавф таҳдид қилмаслиги айтилган. Мен уларнинг баъзилари билан ўзим ҳам гаплашганман.
Биз доимо “Ливерпуль” ёки “Манчестер Юнайтед” ва энди Премьер-лига чемпионлиги унвонларини олиши мумкин бўлган футболчилар ҳақида гапирамиз. Бу мутлақо адолатли.
Аммо мен «Манчестер Сити» футболчилари ва улар ҳозир нимани ҳис қилаётгани ҳақида ҳам ўйлаяпман. Сўнгги бир неча кун ичида «Манчестер Сити» раҳбарияти айтган гаплар, аслида, газлайтинг — улар футболчилар, собиқ футболчилар ва мухлисларнинг клубга ишониш истагидан фойдаланиб, уларни манипуляция қилмоқда.
Одамларни клуб билан мустаҳкам ришталар боғлаб туради ва улар ҳозир айтилган гапларга ишонишни жуда хоҳлайди. Менимча, бу вазият қанча узоқ давом этса, клуб, жумладан собиқ футболчилари томонидан ҳам шунча кам қўллаб-қувватланади. Шунингдек, ташқи дунё энди уларнинг фаолиятига қандай қараши борасида норозилик ҳам ортиб боради», — деди Каррагер Sky Sports эфирида.













