Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти томонидан мамлакатда ҳакамлик тизимини янада ривожлантириш бўйича янги вазифалар белгилаб берилди.
Бу йўналишда халқаро тажрибага эга мутахассис Фарҳод Абдуллаев билан учрашув ўтказилиб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар муҳокама қилинди.
Фарҳод Абдуллаев 2021–2026 йилларда Саудия Арабистони футбол федерациясининг Ҳакамлар департаменти директори лавозимида фаолият юритган. Шунингдек, у 15 йилдан ортиқ вақт давомида FIFA ва ОФК ҳакамлар эксперти сифатида ишлаган.
Мутахассис 2018, 2022 ва 2026 йилги жаҳон чемпионатлари учун ҳакамларни тайёрлаш жараёнларида иштирок этган. 2011 йилдан буён 50 дан ортиқ мамлакатда FIFA ва ОФКнинг 170 дан зиёд курс ва семинарларини ўтказган. Унинг ҳакамлик соҳасидаги умумий тажрибаси 30 йилдан ошади.
ЎФА президенти Фарҳод Абдуллаевга ҳакамларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, халқаро тажрибани Ўзбекистон ҳакамлик мактабига кенг жорий этиш, шунингдек, VAR тизимини ривожлантириш ва ундан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича вазифалар юклади.
Ушбу чора-тадбирлар орқали Ўзбекистонда ҳакамлик сифатини янги босқичга олиб чиқиш ва халқаро майдонда рақобатбардош ҳакамлар авлодини тайёрлаш мақсад қилинган.













