"ПСЖ" футболчиси Мика Годтс Париж клубининг асосий таркибидан ҳозирча жой олмаётганидан хавотирда эмаслигини айтди. 21 ёшли бельгиялик ўтган ёзда "Аякс"дан "ПСЖ"га 45 миллион евро эвазига ўтган эди.
Ҳозирга қадар Годтс бирор марта асосий таркибда майдонга тушмади. У барча мусобақалар доирасида олти марта захирадан ўйинга қўшилди ва битта голли узатмани амалга оширди.
"Менда вақт бор, ҳали вақт бор. Мураббий Луис Энрике ва клуб менга ишонади. Мен хотиржамман. Ҳеч қандай босим йўқ. Жуда хотиржамман ва қўлимдан келган барча ишни қилишга ҳаракат қиляпман. Камтар бўлиб қолиш, бошимни йўқотмаслик ва қаттиқ меҳнат қилишга интиламан. Мени энг кўп ҳайратга солаётган нарса — бу ердаги катта футболчиларнинг бир-бири учун қандай ишлаши. Жамоада ҳақиқий жамоавий куч бор", — деди Годтс DH Les Sports нашрига берган интервьюсида.
Ўйин амалиёти кам бўлишига қарамай, футболчи терма жамоада ўзини кўрсата олди. У яқинда Италияга қарши ўйинни асосий таркибда бошлаб, миллий жамоа сафидаги илк голини урди. Бельгия ушбу учрашувда 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.













