Франция терма жамоаси бош мураббийи Зинедин Зидан Италия миллий жамоасининг собиқ ҳимоячиси Марко Матераццига бош билан зарба берган машҳур воқеани эслади. Француз мутахассис бу ҳақда Миллатлар лигасидаги Франция — Италия учрашуви олдидан гапирди.
"2006 йил? Бу кадрлар доимо ўша воқеани эслатади, чунки бу лаҳза ҳамма жойда кўрсатилади. Мен 2006 йилда қилган ишимдан фахрланмайман. Бу ҳам босиб ўтилган йўлнинг бир қисми. Барчамиз хато қиламиз", — дея Зиданнинг сўзларини RMC Sport келтирди.
2006 йилги жаҳон чемпионати финалида Италия ва Франция терма жамоалари ўртасидаги учрашувнинг 110-дақиқасида французлар сардори Зидан Матераццининг кўксига бош билан зарба берган ва шундан сўнг майдондан четлатилган эди.
Франция ва Италия терма жамоалари Миллатлар лигаси гуруҳ босқичи 3-турида 2 октябрь куни ўзаро учрашади. Баҳс Парижда бўлиб ўтади ва 23:45 да бошланади.













