"Тоттенхэм" ва "Астон Вилла" "Бавария" ҳимоячиси Ким Мин Жэ учун қанча маблағ талаб қилиниши мумкинлигини билиб олди. Бу ҳақда Sports Mole хабар берди.
29 ёшли жанубий кореялик футболчи 2023 йилда "Наполи"дан ўтганидан бери "Бавария" сафида тўп сурмоқда. Шу вақтдан буён у Мюнхен клуби учун 121 та расмий ўйин ўтказган.
Жорий мавсумда Ким асосий таркибдаги ўрнига кафолатга эга эмас. Бош мураббий Венсан Компани кўпроқ Жонатан Та ва Дайо Упамеканога ишонч билдирмоқда.
Хабар қилинишича, "Бавария" муносиб ўринбосар топа олса, Ким Мин Жэни сотиш имкониятини кўриб чиқишга тайёр. Шу билан бирга, ҳимоячининг январда эмас, келаси ёзда жамоани тарк этиши эҳтимоли юқорироқ деб баҳоланмоқда.
Қайд этилишича, футболчини сотиб олиш учун 34,5 миллион евро миқдоридаги таклиф етарли бўлиши мумкин. Унинг "Бавария" билан шартномаси якунланишига икки йилдан кам вақт қолган.













