Хорватия терма жамоаси сардори Лука Модрич Миллатлар лигасида Англиядан 0:7 ҳисобидаги йирик мағлубиятдан сўнг кескин фикр билдирди. Ушбу натижа Хорватия терма жамоаси тарихидаги энг йирик мағлубият бўлди.
«Бундай ўйинга изоҳ топиш қийин — кураш йўқ, фоллар йўқ, агрессия йўқ, бирдамлик йўқ. Мен терма жамоада 20 йилдан бери ўйнайман, аммо ўйиндан кейин биринчи марта уялдим. Рақиб кучлироқ бўлгани учун мағлуб бўлиш мумкин. Аммо бундай ютқазиш ва йиллар давомида шакллантирган обрўмизга доғ тушириш — қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат. Мен жуда уялдим. Бугун биз ҳатто учинчи дивизион жамоасига ҳам мағлуб бўлардик», — дея Модричнинг сўзларини Marca келтирди.
«Футболни бундай ўйнаш мумкин эмас. Гўё майдонда биздан тўрт-беш нафар футболчи камдек эди. Бу фалокатли кеча бўлди. Биз бир-биримизни айбламаслигимиз ва айбдор қидирмаслигимиз керак. Аксинча, бирдам бўлиб қолишимиз лозим. Мен ўйиндан кейин ҳеч қачон бундай ҳисни бошдан кечирмаганман».
Хорватия терма жамоасининг навбатдаги рақиби Испания бўлади.
«Биз бирдам бўлишимиз керак, чунки олдинда яна бир қийин учрашув турибди. Ўзимизнинг ҳақиқий қиёфамизни кўрсатишимиз зарур — бизда характер, ғурур, истак, ирода ва бирдамлик борлигини исботлашимиз керак. Буларни бир кечада йўқотиб қўйиб бўлмайди».
Испанияга қарши учрашув 6 октябрь куни бўлиб ўтади.













