Тошкентда ўтказилаётган «Mirabror Usmonov Cup» халқаро турнирининг иккинчи тури якунланди.
Тур доирасидаги ҳар икки учрашувнинг асосий вақти дуранг билан тугади. Мусобақа регламентига кўра, бундай ҳолатда ғолиб пенальтилар серияси орқали аниқланади.
Дастлаб Россия U-19 ва Арманистон U-20 терма жамоалари ўзаро баҳс олиб борди. Учрашувнинг асосий вақтида ҳисоб очилмади — 0:0. Пенальтилар сериясида эса Арманистон футболчилари 5:3 ҳисобида устун келди.
Иккинчи учрашувда Ўзбекистон U-20 терма жамоаси Саудия Арабистони U-20 билан куч синашди. Асосий вақт 2:2 ҳисобида якунланди. Пенальтилар сериясида ўзбекистонлик футболчилар 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Шу тариқа, иккинчи турдан сўнг Ўзбекистон U-20 терма жамоаси турнир жадвалида пешқадамликни қўлга олди.
Мусобақанинг ҳал қилувчи учрашуви 6 октябрь куни соат 17:00 да «Пахтакор» стадионида ўтказилади. Баҳсга кириш бепул.














