«Барселона»нинг собиқ ярим ҳимоячиси Андрес Иньеста Хосе Мария Энрикес Негрейра билан боғлиқ иш ҳақида фикр билдирди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда «Барселона» ва клуб раҳбарияти Испания Қироллик футбол федерациясида ишлаган Ҳакамлар техник қўмитасининг собиқ вице-президенти Хосе Мария Энрикес Негрейрага амалга оширилган тўловлар бўйича пора беришда айбланган эди.
«Негрейра иши ҳақидаги гапларни эшитганингизда нимани ҳис қиласиз?» — дея Иньестадан сўрашди.
«Фақат футбол нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, бу ерда муҳокама қиладиган нарсанинг ўзи йўқ. Иш ҳали якунига етмаган, аммо ҳатто ўша даврдаги ҳар бир ўйинни алоҳида таҳлил қилсак ҳам, ҳакамларнинг бизга ён босганини кўрсатувчи ҳолатларнинг бир фоизини ҳам топмаган бўлардик.
Мен ҳеч қачон ҳеч қандай ёрдам ҳақида эшитмаганман, уни кўрмаганман ва ҳис ҳам қилмаганман. Ҳар бир ўйинда ҳам мухлислар, ҳам футболчилар рақибга кўпроқ ён босиляпти, деб ўйлайди», — деди Иньеста.













